Судланмаганлик (ёки судланганлик) тўғрисида маълумотномаларни олиш учун ариза юбориш

Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади:

1. Ариза берувчи давлат хизматидан фойдаланиш учун Давлат хизматлари марказига ўзи келиб мурожаат этади ёки давлат хизматларидан электрон тарзда фойдаланиш учун ЯИДХПда ЭРИ орқали рўйхатдан ўтади.

2. Ариза берувчи ўзи келиб мурожаат этган тақдирда Давлат хизматлари маркази ходими ариза берувчи номидан, ЯИДХП орқали мурожаат этганда эса мустақил равишда сўровномани электрон равишда тўлдиради. Учинчи шахслар манфаати учун харакат қилаётганда нотариал тасдиқланган ишончнома илова қилинади. Учинчи шахс манфаати учун шартнома (ордер) асосида адвокатлар томонидан мурожаат қилинганда нотариал тасдиқланган ишончнома талаб этилмайди.

3. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг, ариза берувчи маълумотларнинг тўғрилигини текшириб, сўровномани ўз ЭРИси билан тасдиқлайди ва ДХМ ходими аризани ваколатли органга электрон тарзда юборади.

4. Ваколатли орган сўровнома келиб тушган кундан бошлаб 2 иш куни мобайнида ҚР-код қўйилган маълумотномани расмийлаштиради ҳамда уни ўз ЭРИси билан тасдиқлаб, тегишли Давлат хизматлари марказига ёки аризачига ЯИДХП орқали электрон равишда юборади.

5. ДХМ маълумотнома келиб тушгандан кейин уни ўзи келиб мурожаат этилганда ўз муҳрини қўйган ҳолда аризачига беради.

Ушбу хизматнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 4 октабрдаги “Ички ишлар органлари соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 797-сон қарори ҳисобланади.

Мазкур хизматдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг қуйидаги веб сайти: https://my.gov.uz/uz/service/135 орқали фойдаланишингиз мумкин.