Эҳтимол, ҳар биримиз ўзимизда бир неча бор стресс нима эканлигини ҳис қилганмиз. Эрта уйғониш, эрталабки шовқин-сурон, нонушта тайёрлаш, йўлдаги тирбандликлар, раҳбар ва оила аъзолари томондан босим, хусусан, вақти-вақти билан такрорланадиган бошқа стрессли ҳолатларга дуч келганмиз.
Стресс – психологик безовталик манбаи ҳамда кўплаб сурункали касалликларни қўзғатувчи омилдир. Уни енгиш, соғлиқ билан боғлиқ муаммоларни олдини олишнинг муҳим қисмидир. Ушбу мақолада биз стрессни тезда бартараф этишга ёрдам берадиган самарали усуллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Стресс ҳолатига тушмаслик учун, бир вақтнинг ўзида бир нечта иш бажарманг. Ҳар бир вазифани бегона омилларга чалғимасдан охиригача етказинг. Агар иш фаолиятингиз сизга фақат битта ишни бажаришга имкон бермаса, вазифалар устуворлигини белгилаб жадвал тузинг ва вазифалар бажарилиши учун муддат белгилаб, уларни ажратилган вақт кесимида амалга оширинг.
Стрессли вазиятда тушкун ҳолатга тушганингизда, нафас олиш машқларини бажаринг. Агар сиз нафасни тўғри тартибга солсангиз, сиз асаб ва мушакларнинг таранглиги, ҳиссий беқарорлик ва ваҳимани енгиллаштирасиз. Ҳар қандай стрессли вазиятда тўғри нафас олиш – ҳар доим ёрдам берадиган самарали ўзини ўзи бошқариш усулидир. Аввал нафасингизни тинглашингиз ва тўлиқ ўпкада нафас олиб, чиқаришингиз керак. 7-8 нафар чуқур нафас олиш ва чиқариш натижасида, сиз нафақат ўзингизни енгилроқ ҳис қиласиз, балки жаҳл устида қарорлар қабул қилишдан сақланасиз.
Қўл кафтларини бир-бирига ишқаланг. Стрессли вазиятда диққатни жамлаш ва кайфиятни кўтариш муҳимдир. Шунинг учун, сиз кафтларингизни бир-бирига силанг ёки қулоқларингиз қизиб кетгунча ишқаланг. Ушбу тавсиядан жуда кўп фойдланилади, чунки у исталган вақтда ва исталган жойда қўлланилиши мумкин. Қўшимча вақт ёки мосламанинг ҳожати йўқ.
Атроф-муҳитни тозаланг, тартибга солинг. Ажабланарлиси шундаки, ён-атроф, хонадонни ва турли жисмларни тозалаш ва оддийгина бир жойдан олиб, бошқа жойга қўйиш – фикрларни тартибга солишга ёрдам беради. Шу билан бирга, севимли мусиқангизни қўйишингиз диққатни жамлаш ва кайфиятни кўтаришга кўмаклашади.
Пиёда юринг. Тоза ҳавода бироз сайр қилиш каби баъзи жисмоний фаолият фикрларингизни тартибга солишга ва сизни тинчлантиришга ёрдам беради. Бундай сайр пайтида бахт гормони – эндорфин даражаси кўтарилади. Оғир фикрлар йўқолади, аммо янги фойдали ғоялар сизнинг ҳаёлингизга келиши мумкин.
Агар сиз бирон бир вазиятдан асабий бўлсангиз, ўзингизга савол беринг: ушбу вазиятда бирон нима қила оласизми? Агар жавобингиз салбий бўлса, унда ушбу вазият ва унинг натижаси сизнинг назоратингиздан ташқарида бўлганлиги билан муросага келишингиз ва бошқа ишга чалғишга ҳаракат қилишингиз керак. Агар вазиятга таъсир эта олсангиз – ташвишланмасдан, тўғридан-тўғри муаммони ҳал қилишга киришинг.
Эфир мойларидан нафас олинг. Лаванда, бергамот, атиргул, сандал дарахти арома мойлари тинчлантирувчи эффектга эга бўлиб, осойишталик ҳиссини беради.
Мияни бошқа фикрлар билан машғул қилинг, ёқимли нарсаларни режалаштиришни бошланг. Масалан, бир неча ойдан сўнг фарзандингиз таътили ёки туғилган кунини режалаштиришни бошлашингиз мумкин. Бундай ёқимли ишлар муаммолардан чалғитади.
Ҳафтада камида бир марта ўзингизга ёқимли ишни бажаринг. Дўстлар билан учрашинг, рақсга тушинг, мазали таомларни истеъмол қилинг, компютер ёки стол ўйинларини ўйнанг ва ҳ.
Агар ҳеч нарса ёрдам бермаса, ва сиз ўз кучингиз билан стрессни енгишингиз қийин, деб ҳисобласангиз, мутахассисга мурожаат қилинг, эҳтимол сизда депрессия мавжуд.
Мамлакатимизда психотерапия ҳали ҳам жуда машҳур хизмат эмас, аммо кўплаб инсонлар унинг имкониятларини ижобий баҳоламоқда. Стереотиплардан фарқли ўлароқ, бу нафақат “нотаниш одам билан пул учун гаплашиш”, балки, тажрибали мутахассис сизни стресс ҳолатига олиб келадиган муаммони аниқлай олади, вазиятни ўзгартириш имкониятларини холис баҳолайди ва амалга оширилган ҳаракатларнинг муваффақиятини кузатади. Ҳатто бир неча ҳафталик мунтазам консултациялар ҳам беморларга руҳий ҳолат ва олдиндан ҳал қилиб бўлмайдиган бўлиб туюлган, ҳулқи билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишда ҳам ёрдам беради.