Объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструксия қилиш учун рухсатнома

Бу қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Ариза берувчи.

1. Ўзи келиб мурожаат этганда давлат хизматидан фойдаланиш учун сўровномани, архитектура-режалаштириш топшириғи реквизитларини кўрсатган ҳолда электрон шаклда тўлдирадилар.

2. Давлат хизмати кўрсатиш учун йиғимни тўлаш .

Давлат хизматлари маркази ёки ЯИХДП.

3. Сўровнома (зарур ҳолларда оферта) ЭРИ билан тасдиқлангандан кейин, у автоматик тарзда қуйидагиларга: архитектура қисмини келишиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлигига, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига; архитектура қисмини келишиш учун ҳудудий санитария-эпидемиология ва ёнғинга қарши назорат хизматлари ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органларига (кейинги ўринларда хулоса берувчилар деб аталади); объектнинг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини (белгиланган тартибда расмийлаштирилган лойиҳаларни ишлаб чиқиш топшириқномаси ҳамда буюртмачининг розилик хатини илова қилган ҳолда) экспертизадан ўтказиш учун экспертиза органига; муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича лойиҳа ҳужжатларини келишиш қисми эса муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланувчи ташкилотларга жўнатилади.

Хулоса берувчи ташкилотлар.

4. Уч иш куни мобайнида лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини кўриб чиқадилар

5. Ўз хулосаларини, давлат хизмати марказига ва маълумот учун Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармасига, тизим орқали электрон шаклда юборадилар.

Қурилиш органи.

6. Қорақалпоғистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар қурилиш бош бошқармаси лойиҳа-смета ҳужжатларини икки иш куни ичида келишиб беради.

7. Келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини лойиҳа ташкилотига давлат хизматлари маркази (ўзи келиб мурожаат қилган тақдирда) ёки ЯИДХП орқали электрон шаклда; экспертиза органига тизим орқали юборади.

Экспертиза органи.

8. Келишилган лойиҳа-смета ҳужжатларининг архитектура қисмини келиб тушган кундан бошлаб бир ҳафталик муддатда объектнинг лойиҳа ҳужжатларининг зилзилага бардошлилиги ва ёнғин хавфсизлиги бўйича лойиҳавий ечимларини экспертизадан ўтказади ва уларга эътирозлар бўлмаган ҳолатда экспертиза хулосасини идоралараро электрон ўзаро ҳамкорлик тизими орқали давлат хизмати марказига юборади. Давлат хизматлари маркази ёки ЯИХДП.

9. Келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари (хулосалар, лойиҳа-смета ҳужжатларининг келишилган архитектура қисми, муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари) тушгандан сўнг бир соат мобайнида уни ариза берувчининг электрон манзилига юборади ва ариза берувчини бу ҳақда ахборот-коммуникация тизими орқали хабардор қилади.

Хизматни кўрсатувчи ташкилот:

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги.

Хизматни кўрсатиш учун керак бўладиган ҳужжатлар:

Бино ва иншоот хақида маълумот:

1. Бино, иншоот номи;

2. Жойлашган манзили(индекс, адрес, мўлжал);

3. Киритилаётган ўзгариш ёки қилинаётган иш хақида қисқа маълумот.

Хизматдан фойдаланувчилар:

Кўчмас мулк эгалари бўлган юридик ва жисмоний шахслар.

Хизматни кўрсатиш муддати: 5 иш куни мобайнида.

Хизмат нархи:

Давлат хизмати кўрсатилганлиги учун энг кам ойлик иш ҳақининг 30 фоизи миқдорида йиғим ундирилади.

Ушбу хизматнинг ҳуқуқий асоси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги “Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 370-сон қарори ҳисобланади.

Мазкур хизматдан Ягона интерактив давлат хизматлари порталининг қуйидаги веб сайти: https://my.gov.uz/uz/service/156 орқали фойдаланишингиз мумкин.