Маълумки, муваффақиятли карерага эга бўлган одамларнинг кўпчилиги шахсий ҳаётларида муваффақият қозона олмайдилар. Ўқувчиларга мактабда таълим берилгани сингари, оила жуфтликларидан ҳам шахсий ва оилавий ҳаётни қуриш учун маълум билимлар талаб қилинади. Аслини олганда, карера ва оила бир-бирини истисно қилмаслиги керак, аммо бу ҳодиса ҳаётда содир бўлмоқда. Карера ва оила мувозанатини доимо бирдек ушлаш жуда қийин жараён бўлиб, бунда муросага келиш ҳолатлари зарур ҳисобланади. Иш жараёнида юзага келадиган шошилинч вазифа ва топшириқлар туфайли уйда тез-тез бўлмаслик ҳолатлари оиланинг бузилишига сабаб бўлади. Сўнгги пайтларда, ёшлар оила қуришдан кўра муваффақиятли карерага эришишни ўзларининг асосий мақсади деб қарашмоқда. Уларнинг фикрича, карерани эрта бошлаш келажакда бахтли оила қуришнинг самарали, молиявий асоси бўлиб хизмат қилади. Карерага эришиш ва касбий ривожланиш оила жуфтликларидан кўп куч ва вақт талаб этади, бу эса, ўз навбатида оилага етарлича вақт ажрата олмасликка сабаб бўлади. Бир томондан, муваффақиятли карера – бу яхши даромад олиш учун дастлабки, зарурий пойдевор ҳисобланади, бу эса оилани янада фаровон ҳаёт билан таъминлайди, лекин масаланинг иккинчи томони ҳам бор: муваффақиятимизни бўлишадиган оиламиз бўлмаса, бунда нима мантиқ бор!
Кўпчиликнинг қарашларидан фарқли ўлароқ, оила карерага эришишга тўсқинлик қилмайди, балки уни ривожлантиришга кўмаклашади. Баъзида мақсад қилиб қўйган бир нечта орзуларингизни амалга оширсангиз нима бўлишини тасаввур қилиш қийин туйилади, масалан, севимли турмуш ўртоқ, болалар ва биз ёқтирган карера. Жавоб шуки, мақсад қилган барча орзуларимизни биргаликда амалга оширишимиз керак. Иложсиз туюляптими? Ундай эмас! Умуман олганда, оила қуриш учун иккала жуфтлик ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаши лозим, ушбу йўлда болалар баҳона бўла олмайди. Агар сиз карерангизда муваффақиятга эришиш учун астойдил ҳаракат қилсангиз, ҳамма нарсага вақт топа оласиз. Тагликларни алмаштириш, ота-оналар мажлислари, барчасига улгуришга имконият топиш мумкин. Яшаш учун кураш ва ҳаётда учрайдиган қийинчиликларга қарамай, кўплаб яхши нарсалар сингари, оиладаги муҳаббатнинг қиймати пул билан ўлчанмаслигини унутмаслик керак. Муҳими, қандай хатоларга йўл қўйишимиздан қатъиий назар, доимо бирга бўлиш, бирор-бир ишда муваффақиятсизликка учрасак, ҳар доим бизни қўллаб-қувватлайдиган инсонимиз борлигидан мамнун бўлишимиз керак. Фарзандларимиз бўлганида карерага эришиш, айниқса, қийин бўлганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди, аммо оиланинг бўлмаслиги ушбу жараённи осонлаштиради дегани эмас. Ҳақиқат шуки, умрининг 10-20 йилини ёлғизликда ўтказган ҳеч бир инсон, ёлғиз ўзи бир тонгни қарши олишни хоҳламайди, гарчи 45 йиллик муваффақиятга бой бўлган карерага эга бўлса ҳам. Европа давлатларидан бири бўлган Франсияда оилаларга бўлган муносабатнинг ўзига хос сиёсати мавжуд. Ҳукумат, оиладаги эр ёки рафиқага турмуш шароитида болаларга кўпроқ ғамхўрлик қилиши учун уй ишларида ёрдам беришга ҳаракат қилиб келмоқда, айниқса, оила фаровонлигини мустаҳкамлаш ёки ўз карерасини йўлга қўйиш керакми деган муаммога дуч келаётган аёлларга алоҳида эътибор қаратилган. Шундай экан, иккала тарафни ҳам муваффақиятли олиб бориш мумкин, бунинг учун маълум вақт талаб этилади.