Боладаги ўзгаришлар:
Ҳомиланинг вазни 300 гр чиқади. Узунлиги 25-26 см келади. Соч ва тирноқлар ўсишда давом этмоқда. Гўдакнинг биринчи ахлати – меконий пайдо бўлмоқда. Кўзлар ҳали ҳам юмуқ бўлса-да, ҳомила бачадон ичида яхши мослашиб олган.
Онадаги ўзгаришлар:
Йўлнинг ярмини муваффақиятли босиб ўтдингиз, энди бор-йўғи иккинчи ярми қолди. Ўсаётган ҳомила ва катталашаётган бачадон диафраграммага босим ўтказиб, нафас олишингизни қийинлаштиради. Бачадоннинг қовуқни эзиши натижасида тез-тез ҳожатга борадиган бўласиз. Гавдангизни тўғри тутиб юринг ва умуртқангизга ортиқча зўр берманг. Оёқ кийимингиз пошнаси паст ва кенг бўлсин. Оғир нарсаларни тўғри кўтаришни ўрганинг. Энг асосийси уни дафъатан кўтарманг. Аввало, қулай ҳолатда туриб олиб, оёқларингиз орасини озгина очинг. Тиззаларингизни букиб, оёк ва қўл мушаклари ёрдамида кўтаринг, белингизга оғирлик тушмасин. Иложи бўлса, юкларингизни иккига бўлиб олинг. Масалан, битта оғир халта ўрнига икки қўлингизда иккита сумка кўтаринг. Ётадиган ўрнингиз қаттиқ бўлгани яхши. Қўлларингизни узоқ вақт кўтариб турманг. Сочларингизни бўяманг ва кўп турадиган жингалак соч турмагини қилманг. Баъзи уй ишларини бажараётганингизда тирноқларингиз мўрт ва тез синадиган бўлиб қолгани учун қўлқоп кийиб олинг. Доғларингиз кўп ва аниқ кўринадиган бўлса, қуёшда кўп юрманг, у аҳволингизни янада жиддийлаштиради.
вазнингизни назорат қилиб туринг. Ортиқча вазн умуртқангизга қўшимча оғирликдир;
баланд пошнали оёқ кийим кийманг. Пошна кенг ва оғишмайдиган бўлиши керак;
узоқ вақт бир ерда тик турманг;
ётадиган ўрнингиз қаттиқ бўлсин. У белингиздаги оғриқларни камайтиради;
кир ёйганингизда қўлларингизни узоқ вақт баланд кўтариб турманг. Бу ҳолат орқа мушакларни таранглаштиради. Курсидан фойдаланишингиз мумкинлигини унутманг;
катта фарзандларингизни қўлингизга олиб кўтарманг. Бу умуртқангизга қўшимча оғирликдир. Лекин кичкинтойингизни эътиборсиз ҳам қолдирманг. Агар болани кўтаришингизга тўғри келса, уни секин, кескин ҳаракатларсиз кўтаришингиз мумкин. Шунда ҳам узоқ вақт кўтариб турманг;
оёқ мушакларидаги оғриқ илиқ ванна туфайли камаяди; белдаги оғриқларни енгиллатиш учун бўшаштирувчи машқларни бажаринг. Қаттиқ ҳаяжонланишлардан сақланинг.
Ҳомиладорликнинг 18-22 ҳафталик муддатида ҳомиладорга иккинчи ултратовуш текширувига йўлланма берилади. Бу оралиқ ҳомиладаги туғма нуқсонларни аниқлаш учун қулай фурсатдир.