Ҳомиланинг ташқи қатлами «хориалний гонадотропин» номли гормон ишлаб чиқара бошлайди. Айнан шу гармон она организмига белги бериб, аёлнинг ҳомиладор бўлганини, энди турмуш тарзини ўзгартириб, унга мослашиш лозимлигини билдириди. Бу гормон орқали қисқа вақт ичида уй шароитида қўлланиладиган экспресс-тест ёрдамида ҳомиладорликни аниқлаш мумкин. Лекин ушбу ҳафтада айтиб ўтилган гормон консентрацияси жуда оз миқдорда бўлгани учун тестни, яхшиси, кейинги ҳафтада ўтказганингиз маъқул. Сариқ танача ишга тушди, энди сиз ҳомиладорликнинг биринчи белгиларини ҳис қилишингиз мумкин.
Хозирги кунда ҳомиладорликни аниқловчи экспресс-тестларни ҳар бир дорихонадан топса бўлади. Уларни кутилаётган ҳайзингиз келмаган биринчи куниёқ қўллашингиз мумкин. Лекин аниқ маълумотни бир неча кун ўтгач, оласиз. Ҳомиладор бўлишни сабрсизлик билан кутаётган ҳар бир аёл бу саволга тезроқ жавоб олишни истайди. Ўз организмига эътиборли бўлган бўлажак она «гумонли» белгиларни тест жавобидан аввал сезади.
Ҳомиладорликнинг аввалги ҳафтасидаги илк аломатлар
Ҳомиладорликни билдирувчи белгиларга қуйидагилар киради:
Навбатдаги ҳайзнинг келмаслиги: Бу ҳомиладорликнинг энг кенг тарқалган аломатидир. Лекин баъзан бу ҳолат организмда гормонал ўзгаришларда ёки турли касалликларда ҳам рўй бериши мумкин. Агар аёлда ҳайз даври ўзгарувчан, беқарор бўлса ёки аввалги туғуруқдан сўнг қайта тикланмаган бўлса, одатда аёл бундай «кечикишга» бошқа аломатлар сезилмагунча эътибор қилмайди. Бундай эътиборсизлик ҳафталар, гоҳида эса ойларга ҳам чўзилиши мумкин.
Кўкракнинг ўта сезувчан, оғриқли бўлиши: Кўпчилик аёллар ҳар сафар ҳайз муддати яқинлашганда шу каби белгиларни ҳис этишади. Ҳомиладорлик аломати бўлган кўкрак оғриғи одатдагидан кучлироқ бўлади. Шубҳасиз, бу ҳам ҳомиладорликнинг кенг тарқалган белгиларидандир.
Ҳидларга бўлган сезувчанликнинг ошиши: Аксар аёллар учун бу энг муҳим аҳамиятга эга белгидир. Севимли атирлари кутилмаганда тоқат қилиб бўлмайдиган, транспортдаги одамлар эса ўта «сассиқ», эрининг одеколони эса чидаб бўлмайдиган даражада ёқимсиз ҳидга эга бўлиб қолади.
Кўкракнинг катталашиши: Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарида камдан-кам аёл бу ўзгаришни сезади. Одатда кўкрак охирги ойларда сезиларли даражада катталашади. Лекин кузатувчан бўлсангиз, кўкрагингизнинг озгина катталашганини аввалроқ сезишингиз мумкин.
Эрталабки кўнгил айниши: Баъзи аёлларда тонгги лоҳаслик ёки бошқача қилиб айтганда, эрта токсикоз ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасидан бошланиб, то 12-ҳафтасигача давом этади. Лекин айрим ҳолларда кўнгил айниши ундан аввалроқ ҳам бошланиши мумкин.
Қорин остида ниманидир сезиш: Аёллар буни ички ҳис билан олдиндан сезиш, дейдилар. Айримлар қорин остида тортишиш ёки санчишни сезадилар. Гоҳида эса оғриқ кучли ва давомли бўлиши мумкин. Баъзан бўлғуси она нимани ҳис қилаётганини аниқлолмайди, фақатгина у ерда «нимадир борлигини», нимадир рўй бераётганини сезади.
Севимли таомларнинг ўзгариши: Ҳомиладорликнинг илк ҳафталарида бўлғуси оналар иштаҳалари бирдан ортганини сезадилар. Бошқалари эса, аксинча, иштаҳалари умуман йўқолганидан шикоят қиладилар. Кўпчилик аёллар ўз таомномаларини ўзгартиришга мажбур бўладилар. Аввал одатий бўлган маҳсулотларга энди кўнгил тортмай, ёқтирмаганларини эса севиб истеъмол қила бошлайдилар.
Кайфиятнинг ўзгариши, йиғлоқилик: Айрим аёллар буни ҳомиладорликнинг энг биринчи аломати деб ҳисоблайдилар. Лекин ҳайз олди синдромига йўлиққан аёллар кайфиятнинг тезда ўзгаришини ҳар сафар ҳайз даври бошланиши олдидан ҳис қиладилар.
Тез-тез ҳожатга бориш: Бу белги ҳам баъзи аёлларда ҳомиладорлик аломати сифатида кўринади.
Вазн ўзгариши: Одатда бўлғуси оналар охирги ойларда вазн тўплашади. Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарида эса айрим аёллар озишади, вазни камайганини кузатишади.
Тана ҳароратининг ошиши: Баъзи аёлларда ҳомиладорликнинг илк ҳафтала- рида тана ҳарорати 37-37,2 даражагача кўтарилади, гоҳида унга бош оғриғи ҳам қўшилади. Агар бунга ҳомиладорликнинг аломатларидан бири бўлган бурун битиши ҳам қўшилса, унда бу ҳолатни осонлик билан шамоллашга йўйиш мумкин.
Сер уйқулик, толиқишлик: Бубелги ҳам ҳомиладорликнинг илк аломатларидандир. Шунга қарамай, серуйқулик бошқа кўплаб сабаблар орқали юзага келиши мумкин.
Кўриб турганингиздек, ҳомиладорлик аломатлари жуда ҳам кўп ва турлича. Баъзи аёллар санаб ўтилган аломатларнинг бир қанчасига дуч келсалар, баъзилари эса ҳомиладор бўлганликларини фақатгина ҳайзлари вақтида келмаганидан биладилар. Айримлар эса ҳатто бола биринчи бор қимирламагунича ҳомиладор эканликларини гумон ҳам қилмайдилар. Яна бир тоифа эса фақатгина қоматларида ўзгариш сезганларида ҳомиладор эканликларини биладилар. Ҳар қалай бундайлар жуда кам учрайди.
Мўжиза
Болани тўққиз ой давомида кислород ва озуқа билан таъминлаб, унинг организми учун кераксиз бўлган моддаларни олиб чиқувчилар булар – киндик ичакчаси ва йўлдошдир. Уларнинг ривожланиши ҳомиладан ташқари бўлган аъзолардан бошланади, Улар учта: хорион, амнион ва тухум сариқчаси халтаси. Бу қисмларсиз кичкинтой ривожлана олмай ди. Хорион кейинчалик йўлдошга, амнион ҳомила пуфагига, сариқча халтаси эса киндик ичагига айланади. Қизиғи шундаки, буаъзоларнинг шаклланишида оталик генлари онаникига нисбатан фаолроқ бўлади. Азалдан эркакнинг вазифаси муҳофаза қилиши лозим бўлганларни ҳимоялаш ва ҳаёт давомийлигини сақлаб қолиш бўлган. Бу масъулият, ҳаттоки, ген даражасида ҳам кўринади (бошқача қилиб айтганда, сперматозоид эркак организмининг битта – ягона ҳужайраси бўлса ҳам, «ўзини ҳақиқий эркакдек тутади»). Кичкинтойингиз ҳозир бирнеча қаватли япалоқ гардишга ўхшайди. Унинг ҳар бир қавати турли аъзо ва тўқималарга асос бўлади. Фарзандингиз келажаги учун бу ўта масъулиятли даврдир. Шунинг учун ҳомиладорликнинг биринчи ҳафталарига тааллуқли тавсиялар ҳозир жуда ҳам муҳим.