Боладаги ўзгаришлар:
Кичкинтойингизнинг умумий узунлиги эндиликда 20-22 см! Оғирлиги эса тахминан 200 гр келади. Ҳомиланинг суяклари мустаҳкамланишда давом этмоқда. Қўл ва оёқдаги бармоқ суяклари шаклланиб, уларда ўзига хос такрорланмайдиган нақшлар – бармоқ излари пайдо бўла бошлади. Ҳомиланинг ҳаракатлари кўпайгани сари юрак фаолияти кучайиб боради, қон босими кўтарилади, бутун тана ва йўлдош бўйлаб қон айланиши тезлашади. Бу каби фаол ҳаракатлар ҳомиланинг мушаклари, миясининг ривожига ижобий таъсир кўрсатади.
Онадаги ўзгаришлар:
Кўпчилик аёллар ҳомилаларининг биринчи ҳаракатини айнан шу муддатда сезадилар. Улар бу ҳодисани доимо сабрсизлик билан кутишади. Агар бола қимирлашини белгиланган муддатда сезмасалар, бундан хавотирга тушишади. Аслида ҳомила ҳомиладорликнинг 7-ҳафтасидан бошлаб қимирлайди. Лекин онаси уни кечроқ – 14-26-ҳафталар оралиғида пайқайди (одатда, 18-22-ҳафталарда).
Боланинг қимирлашини муддатидан илгари аввал туққан ёки жуда озғин аёл сезиши мумкин. Фарзандлари бор аёлга бу ҳаракатлар таниш бўлгани боис уларни осон илғаб олади. Унинг бачадон мускуллари бирмунча бўшашган бўлгани учун боланинг ҳаракатлари сезиларли бўлади. Тўла аёллар болаларининг қимирлашини нисбатан кучлироқ бўлганида биладилар. Она ҳомиладорлик муддатини нотўғри белгилаганида ҳам боланинг қимирлаганини сезмай қолиши мумкин. Бу ҳислар ўзига хос бўлиб, уни ҳеч нарса билан таққослаб бўлмайди. У гўё қорин енгил титрагандек ёки тирсак билан туртгандек, «бўш ошқозоннинг кулдурашига» ўхшаш ҳаракатлар каби бўлади.
Ҳомиладорлик даврида қиндан оқишсимон моддалар ажралади. Бу ҳолат табиий бўлгани сабабли ундан хавотирга тушиш керак эмас. Озодалик ва инфексияларга чалинмаслик учун баъзи қоидаларга амал қилиш лозим. Иложи борича тампонлардан фойдаланишдан воз кечинг, чунки улар микроорганизмларнинг қинга тушиш эҳтимолини оширади. Тозаликка риоя қилган ҳолда остингизни совун билан ювиб, олдиндан орқага қаратиб чайинг. Пахталик ич кийим кийинг ва тор жинси колготка, шимлардан воз кечинг. Хар куни ичиладиган бир пиёла тирик лактобацил ацидофил таёқчаларига эга қатиқ қиннинг касалликка чалиниш эҳтимолини камайтиради. Агар инфексия жинсий йўл билан ўтадиган бўлса, бутунлай соғайиб кетмагунингизча алоқада бўлмаганингиз яхши. Даволанганингиздан сўнг ҳам 6 ой мобайнида презервативдан фойдаланишингиз тавсия этилади. Сарғиш ёки яшил тусдаги ёқимсиз ҳидга эга бўлган ачишиш ва қичишишлар, қизариш ва оғриқлар билан бўладиган ажралмалар келганида бу ҳақда шифокорга айтинг. Улар касаллик юқтирганингиз аломатидир. Бундай инфексиялар даволанишни талаб қилса ҳам, бола учун хавфли ери йўқ.