Она бўлиш ҳар бир аёл орзу қилган бахт эканини барчамиз яхши биламиз. Ҳомиладорлик белгилари пайдо бўлганда, яхшиси, шифокорга бориб учрашинг. Чунки сиз ҳомиладорлик деб ўйлаган белгиларингиз бошқа касалликнинг бошланиши ҳам бўлиши мумкин.
Кўпчилик аёллар ҳайз вақтида келмаганида шундай гумонга борадилар. Ҳомиладорликдан ташқари, баъзи бошқа касалликларда, руҳий зарбада, ҳаёт тарзининг ўзгаришида, иқлим ўзгарганида, айрим дорилар таъсирида ҳам ҳайз кўрмаслик мумкин. Шунинг учун аввал унинг сабабини аниқлаш лозим.
Шифокор ҳузурига борганингизда у сизга турли таҳлиллар топширишингизни таклиф этади. Ҳозирги кунда баъзи таҳлилларни шифокор назоратисиз қилиш мумкин. Бунинг учун экспресс-тестлар мавжуд. У пешоб ёрдамида ҳомилани аниқлайди. Агар кўрсатилган йўриқнома бўйича тўғри амал қилиб текширсангиз, тезда натижага эга бўласиз. Бир зумда ҳомиладормисиз, йўқми – аниқлаб беради.
Салбий натижани кўриб шубҳалансангиз, бир неча кундан сўнг таҳлилни такрорланг. Сабаби ҳомиладорликнинг эрта даврида ва пешобдаги модда етарли бўлмаганида ҳам натижа сиз кутгандек бўлмайди.
Бўлажак она организмидаги жисмоний ўзгаришларга тўлишиш билан бирга бачадон ҳажмининг ортиши, кўкраклар катталашишини ҳам қўшиш мумкин. Шунингдек, қон айланиши, нафас олиши ва сийдик йўли, овқат ҳазм қилиш аъзоларида ҳам ўзгаришлар кузатилади. Она организмининг барча аъзолари янги ҳолатга мослаша бошлайди.
Бачадон ҳомиладорликнинг бошидаёқ ўзгаради. Тўққиз ойда у 50-60 гр оғирлигидан 1 кг.гача, узунлиги 6,5 см.дан 32-33 см.гача, сиғими эса 2-3 мл.дан 4мл, гоҳида эса 5 мл. гача катталашади. Танангиздаги ўзгаришларни сиз 4-5 ойларда кўришингиз мумкин. Бачадон бутун ҳомиладорлик даврида ўзгариб боради. Чўзилувчан қорин деворлари аста катталашади. Биринчи ойларданоқ кўкрак сўрғичлари қорамтир рангга киради. Қон орқалӣ ҳомилага зарур бўлган барча моддалар етиб боради ва чиқиндилари қайтиб чиқади.
Туғуруққача онанинг қон томирлари кенгайиб, танадаги қон миқдори 4 л.дан 5-6 л. гача ортади. Темир моддасига бўлган талаб кучаяди. Шифокор кўрсатмаларига амал қилиб, темир моддаси бор озиқ-овқат ва дориларни қабул этиб туриш лозим. Юрак уриши 3-ойдан бошлаб туғуруққача дақиқасига 60-90 тага етади. У катта ҳажмдаги қонни танага ҳайдаб бериш учун тезроқ уради. Барча юрак қон тизими қўшимча оғирликка мослашади. Нафас олиш аъзоларида ҳам ўзгаришлар рўй беради. Бурундан нафас олиш қийинлашади. Ахир, сиз икки киши учун нафас оласиз-да! Бачадон катталашиб, ошқозон, ичак ва сийдик қопчасини сиқа бошлайди. Лекин онанинг ички аъзолари янги шароитга мослашиб, ўсаётган ҳомилага жой бўшатишади.
Ҳомиладорликнинг бошланғич даврида сўлак оқиши, милклар қонаши кузатилади. Стоматолог ҳузурига бориб, тишларингизни аввалдан даволатиб олинг. Бу даврда тишлар кўп карейсга учрайди. Соғлом тишлар эса овқат яхши ҳазм бўлишининг омилидир. Прогестерон гормони таъсирида ичак ошқозон каби секин ишлай бошлайди. Оқибатда ич қотиши кузатилади.
Ҳомила катталашиб, бачадонни эза бошлайди. Шу сабаб тез-тез ҳожатга бориш хоҳиши бўлади. Бунинг устига қон ҳажми кўпайиб, буйрак иши ортади.