Истеъдодли шоир, драматург, олим ва жамоат арбоби Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида дунёга келди. Наримонов номидаги бошланғич мактабни тугатгач, Самарқанд педагогика билим юртида (1923—1926), сўнг Педакадемияда (1926— 1931) ўқиди. Ҳамид Олимжон талабалик йилларидаёқ шеъриятга қизиқди. Унинг асарлари 1926 йилдан «Зарафшон» газетасида чиқа бошлади. 1927 йилда шоир мазкур рўзнома муҳарририятига ишга ўтди. Ҳамид Олимжоннинг «Кўклам» номли илк шеърий тўплами 1929 йилда босилиб чиқди. Шундан сўнг «Олов сочлар» (1931), «Ўлим ёвга» (1932), «Пойга» (1932) каби шеърий тўпламлари нашр этилди. Давр билан бирга одим ташлаган, ўз ижодида халқимизнинг меҳнат жабҳасидаги қаҳрамонлигини тасвирлаган шоир 30-йилларда қатор ажойиб лирик шеърлар билан бирга «Зайнаб ва Омон» достонини яратди. Ҳамид Олимжон шеъриятининг лирик қаҳрамони — замон билан баравар одим отувчи, ватанпарвар, шодлик ва бахт тароналарини куйловчи инсондир. Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси (1943) Ҳамид Олимжон ўзбек адабиётининг долзарб масалалари бўйича қатор илмий-танқидий асарлар яратди. Ҳамид Олимжон А. С. Пушкин, Л. Н. Толстой, М. Горкий, В. Маяковский, А. Серафимович, Т. Шевченко, М. Лермонтов, Н. Островский, А. Корнейчук асарларини таржима қилди. Ўзбек халқ оғзаки ижодининг ажойиб дурдонаси «Алпомиш» достони биринчи марта Ҳамид Олимжон томонидан нашрга тайёрланиб (1938), чоп этилди. У Алишер Навоийнинг 500 йиллигини ўтказиш юбилей қўмитасининг аъзоси сифатида улуғ шоир ҳаёти ва ижоди юзасидан илмий-тадқиқот ишларини олиб борди.
Ҳамид Олимжон 1939 йилдан то умрининг охиригача Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига раҳбарлик қилди. Бахт ва шодлик куйчиси Ҳамид Олимжон 1909 йил 12 декабрда Жиззах шаҳрида туғилган. Отаси вафотидан сўнг у бобоси Азим бобо ва онаси Комила ая қўлида тарбияланади. Шоир 1923 йилда ўрта мактабни тугатиб, Самарқандда педагогика билим юртида, сўнгра Педагогика академиясида ўқийди. У ўқишни тамомлаб, Тошкентга келади ва кўпгина рўзномаларда, ёзувчилар уюшмасида, Тил ва адабиёт институтида фаолият юритади, иккинчи жаҳон уруши арафасида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига котиб бўлади, 1935 йилда Зулфияга уйланади.
Зулфия Исроилова – таниқли ва иқтидорли ўзбек шоираси. Ёрқин рассом, оддий инсон қалбини ўткир ҳис қилган – меҳнаткаш, Шарқ аёлининг жамиятдаги тенг ҳуқуқи учун мардонавар курашган аёл. Зулфия шеъриятининг нуфузи – бизнинг дабдабали мураккаб давримизнинг ҳаққоний ифодаси, ўзига хослиги, замондошларимизнинг қалби ва ҳаракатларининг ёрқин тасвиридадир. Ўзбек халқининг атоқли ва ардоқли вакили, таниқли жамоат арбоби, халқаро тинчлик учун кураш жарчиси Зулфия Исроилова халқаро “Нилуфар”, Жавоҳарлал Неру номидаги ҳамда Давлат мукофатлари соҳибасидир. Зулфияхоним Исроилова 1915-йили Тошкент шаҳрининг қадимий Дегрез маҳалласида таваллуд топган. Аввал бошланғич мактабда, сўнг хотин – қизлар билим юртида таҳсил олган. 1935-1938-йилларда Ўзекистон фанлар академиясининг тил ва адабиёт институти аспирантурасида ўқиган. Шундан кейин турли нашриётларда ишлаган. 1935-йилдан 1980-йилгача, қарийиб ўттиз тилга яқин республикамизда кенг тарқалган “Саодат” номли хотин – қизлар журналида бош муҳаррир бўлган. Зулфияхоним Исроилова Ҳамид Олимжон билан турмуш қурган. Бироқ улар орзуларга тўла ҳаёт кечираётган паллада 1944-йили машина ҳалокати туфайли турмуш ўртоғидан айрилди. Шоира эса 1996-йилда 81-ёшида вафот этади. Шоира бадиий ижодга жуда эрта киришди. Ўн етти ёшида “Ҳаёт варақалари” деб аталмиш дастлабки шеърий китобини чоп эттирди. Узоқ ижодий умри давомида ўттизга яқин шеърий тўпламлар, ўндан ортиқ достонлар яратди. Шоира ҳаммани ўйлатадиган, барча кишиларга Жахлдор бўлган ҳолатларни шеърга солади. Шунинг учун ҳам ёзганлари кўпчиликка манзур бўлади. Зулфиянинг улкан истеъдоди фақат юртимиздагина эмас балки дунё миқёсида ҳам эътироф этилган. У – халқаро “Нилуфар” мукофоти эгаси.
Ўқчи маҳалласидаги Зулфия таҳсил олаётган хотин-қизлар билим юртига, аниқроғи, шу ердаги адабиёт тўгараги машғулотларига бошқа шоирлар ҳам тез-тез келиб туришган. Зулфия ҳам шеърсевар дугоналари билан ёзувчиларнинг шу йиллардаги уюшмаларига борганида Ҳамид Олимжондан ташқари, Уйғун, Усмон Носир, Амин Умарий сингари навқирон шоирларни ҳам кўрган. Лекин унинг ҳам назар-эътиборини айнан Ҳамид Олимжон оханрабо янглиғ ўзига тортганки, бу ҳол тасодифий эмас. Ҳар ҳолда донишмандлар: “Никоҳ арши аълода ўқилади”, деб бежиз айтишмайган. …Зулфия ўша йилларда, бошқа дугоналари сингари, ўқитувчи бўлишга ахд қилган эди. Лекин у «донолик ва билимнинг сира туганмас конлари” — Навоий ва Ҳофиз, Пушкин ва Байрон асарлари билан танишар экан, ўзи ҳам “қандайдир жуфтланган, оҳангдош сатрлар”ни тўқий бошлаганини сезади. У шеър ёза бошлайди. Шу йилларда билим юртида Шукур Саъдулла ва Тошпўлат Саъдий бошлиқ адабиёт тўтараги иш олиб борар, қизлар улар туфайли мумтоз ва замондош шоирларнинг асарлари билан танишар, Ғафур Ғулом, Ҳамид Олимжон, Уйғун ва бошқа шоирлар эса билим юртига келиб, улар билан учрашув кечаларини ўтказишар эдилар. Ҳамид Олимжон билим юртидаги шундай кечалар да қизлар билан суҳбатлашиб, уларни мумтоз ва шўро адабиёти намуналарини ўқишга чорларди. Зулфия шундай учрашув кечаларида бутун вужуди қулоққа айланиб, таниқли ўзбек шоирларининг шеърларини завқ билан тингларди. Орадан кўп ўтмай, шеъриятга ихлос қўйган қизлар Ёзувчилар уюшмасига бориб, Ҳамид Олимжон ва Уйғун бошқарган семинар машғулотларида ҳам қатнаша бошладилар. Зул фия тинимсиз китоб ўқир, кечалари ҳаммадан яширган ҳолда шеър машқ қиларди. Ниҳоят, у ўз машқларини тўгарак раҳбарларига кўрсатишга ботинди. Унинг «Мен иш қизи» деб номланган биринчи шеъри 1931 йил 17 июл куни Шукур Саъдулла воситасида «Ишчи» газетасида босилди. Зулфия шеъри босилиб чикқанидан беҳад қувонган Нормат акаси бир даста газетани сотиб олиб, уни ҳаммага кўз-кўз қилиб чиқди. Унинг бундай кувончга берилиши Зулфияга илҳом бағишлади. Унинг шеърлари «Ёш ленинчи» ва «Қизил Ўзбекистон» газеталарида, «Янги ёл» ва «Ўзбекистон шўро адабиёти» журналларида чоп этила бошлади. 1932 йили эса Зулфиянинг биринчи шеърлар тўплами — «Ҳаёт варақлари» матбуот юзини кўрди. Бу шеърлар Ҳамид Олимжоннинг ҳам назарига тушди. “Мен, — деб ёзади Зулфия, — Ҳамид Олимжонни илк дафъа ўша йилда кўрганман. Биз, йигирма чоғли адабиёт ихлосмандлари, семинар машғулотларига йиғилардик. Машғулотларни Ҳамид Олимжон билан Уйғун бошқарарди. Уларнинг ўша пайтдаги фақат ўзига ишонадиган кишидагина бўладиган босиқ, мағрур, кучли қиёфалари мени ҳозиргача ҳайратга солади. Улар ўзларини ниҳоятда эркин тутарди… …Яшириб ўтирмайман. Ҳамид Олимжон илк кўришувларданоқ кўзимдан кўнглимга ўтди. Мен жуда ёш ҳиссиётим билан унинг кенг қалби, улкан иқтидорини туйдим”. 1934 йил эди. Ҳозирги “Мустақиллик” метро бекати олдидаги майдончада Ҳамид Олимжон Зулфияни учратиб қолади. Улар шу вақтга қадар фақат адабий кечалар туфайлигина бир-бирлари билан таниш эдилар. Ҳамид Олимжон тасодифий учрашувдан мамнун бўлиб, Зулфия билан узоқ суҳбатлашади. — Шеърингизни ўқидим, — дейди у ошкора меҳр билан. – Яхши. Нималигини айтайми? Шеърда қалбингизнинг сурати бор. Бир парчагина бўлса ҳам. У ўзингизнинг қалбингиз. Худди шундай давом эттириш керак. Риторикасиз, ҳақиқатни ёзиш зарур… Зулфия ўша пайтда «риторика» сўзини ғира-шира англарди. Лекин у бу ҳақда индамай қўя қолди. “Ўшанда, — деб ёзади шоира, — мен уйимизга юриб эмас, учиб келдим. Келибоқ ёл бўйи туғилган туйғуларимни қоғозга туширдим. Мен бу шеърни шундай енгил, тўлиб-тошиб ёздимки, юрагимга аллақандай афсонавий бир қудрат кириб олиб, фикрларим, қўлларимга куч бахш этаётгандай эди. (Бу “Баҳор кечаси” деб аталган шеърим бўлса керак.)”
Ўша тасодифий учрашувнинг бундай шоирона талқини ҳам, Зулфиянинг ўша унутилмас оқшом соатларида «Баҳор кечаси» шеърини ёзиши ҳам бежиз эмас. Ҳамид Олимжон билан Зулфия ўртасидаги дўстлик ва муҳаббат саройининг муҳташам биносига худди ўша куни биринчи ғишт қўйилган эди. Зулфия шу учрашувдан кейин Ҳамид Олимжон тўғрисида тез-тез ўйлайдиган, Ҳамид Олимжон эса ёш шоиранинг шеърларини диққат билан кузатадиган бўлди. Кўп ўтмай, Зулфия билим юртини тугатиб, 1935 йилда Ўзбекистон Фанлар комитети қошидаги Тил ва адабиёт институтининг аспирантурасига ўқишга кирди. Бу ерда у бўлажак таниқли олимлар – Фитрат, Отажон Ҳошим, Солиҳ Муталлибов кабилар билан бирга илмий ва адабий-назарий билимини оширди. Шу йилларда Тил ва адабиёт институтида Ҳамид Олимжон ҳам хизмат қиларди. У Зулфия билан учрашган кезларида унинг ижоди билан қизиқар, унга турли маслаҳатлар берарди. Ҳар бир учрашув уларни тобора яқинлаштирар ва бир-бирларининг қалбига муҳаббат уруғларини сочар эди.
1935 йил улар ҳаётига энг бахтли сана бўлиб кирди. Шу йилнинг 23 июл куни тақдир икки шоирнинг ҳаёт ришталарини бутун умрга бир-бири билан чирмаб ташлади. Шу даврда Ҳамид Олимжон 26 яшар қирчиллама йигит бўлиб, бешта шеърлар ва ҳикоялар китоби муаллифи, таниқли шоир, тиришқоқ олим, ёш шоирлар учун эса устоз сифатида эл оғзига тушган эди. У Зулфия учун турмуш ўртоги ва дўстгина эмас, балки унинг ижодий тақдирида мислсиз даражада катта аҳамиягта молик сиймо ҳам бўлди. “1935 йилда тўйимиз бўлди, — деб ёзади Зулфия. – Мен яйраб яшардим. Инсон чинакам севиб, севилганда атрофидаги барча қийинчиликлар ушоқ бўлиб кўринади. Тўрт фасл ҳам баҳор бўлиб кўринади. Мен ўша пайтда шундай руҳда эдим…» Зулфия ҳали ёш экан, Хадича хола ўзи ипак қурти боқиб, пилладан толалар ажратиб, ундан олган ипакни турли-туман рангларга бўяб, инсон кўзини қамаштирадиган палак тиккан эди. Шу палак Хадича холанинг келин-куёвга атаган тўёнаси бўлди. Ҳамид Олимжон наздида, палак улар хонадонига қандайдир ўзгача файз бағишлагандек эди. Хадича холанинг тўёнасидан ҳам суюқли ёр билан қовушганидан чексиз қувончларга тўлган шоир ўзини бахт ва саодат осмонида ҳис зтди. Ана шу онлардан бошлаб севги ва муҳаббат атри уфуриб турган ошёнда ярим тунга қадар шеъриятнинг қўш чироғи ўчмайдиган бўлди. Тўй арафасида икки ёшнинг бир-бирига туйган майлидан огоҳ бўлган шоиранинг акаси Нормат ака бўлажак куёв билан танишиш иштиёқини билдирган эди. Кунлардан бирида у Зулфия орқали Ҳамид Олимжонни ўша пайтда М.Горкий номи билан аталган Маданият ва истироҳат боғига консертга таклиф этди. Улар боғнинг панжарали дарвозаси олдида учрашар эканлар, Ҳамид Олимжон билан Нормат Исроилов эски қадрдонлардек қуюқ кўриша кетдилар. Маълум бўлишича, Ҳамид Олимжон Тошкентга кўчиб келиб, Обсерватория кўчасидаги Чимкентга кўчиб кетаётган дўстининг уйини ўз номига расмийлаштирганда, тасодиф амри билан бўлажак қайиноға унга ёрдам берган экан. Орадан ҳийла вақт ўтиб, тўй шабадаси эсиб қолганида, Нормат Исроилов Зулфияга:«Синглим, мен ўша пайтда Ҳамиджон учунгина эмас, ўзимиз учун ҳам ҳаракат этган эканман», — деган эди. Одатда тўй мураккаб ва машаққатли жараённинг .натижаси бўлади. Одам атодан қолган урф-одат ва расм-русмлар келин билан куёвнинг, улар ота-оналарининг елкаларига залворли юк бўлиб тушади. Ҳамид Олимжон билан Зулфиянинг тўйи ўзгача ўтди. Шоирнинг ўша кезлардаги дўстларидан бири совчи бў либ борди. Олди-берди, умуман, бўлмади. Хадича хола фақат бир нарса билан — куёвнинг онаси бор-ёқлиги билангина қизиқди, холос. Комила хола шу даврга қадар Жиззахда истиқомат қиларди. У тўй баҳонаси билан Тошкентга келди ва бир умрга шу ерда, Ҳамид Олимжоннинг бағрида яшаб қолди.
Ҳамид Олимжон, меҳнат интизомига қатъий амал қиларди. У кўп ва бетиним нжод қилиш билан бирга кўнгилли ҳордиқ олишни, истироҳат қилишни, дўстлар даврасида оқилона суҳбат қилишу мириқиб ҳазил-мутойибага берилишни ҳам севарди. Якшанба Ҳамид Олимжон ва унинг оиласи учун чин маънода роҳат ва истироҳат куни эди. Шу куни шоир қўлига қалам олмас, Зулфия ҳам уй-рўзғор ишларидан озод бўларди. Одатда у барвақт туриб, Зулфия билан бирга бозорга борар, рўзғор учун керакли маҳсулотларни обдон танлаб-савдолашиб харид қиларди. Сўнгра кўчага чиқиб, биринчи келган трамвайга тушар ва шу трамвайнинг охирги бекатига қадар бориб, шаҳар ташқарисига чиқиб оларди. Бундай сайрларни у «матчои сайил» деб атарди. У Обсерватория кўчасидаги уйида истиқомат қилганида, 2- ёки 3-трамвайларга ўтириб, Гидр ва Салор бўйларига боришни, яшил кенгликларга чиқиб, тоза ва тўйимли ҳаво билан нафас олишни, қушлар навосини тинглаб, ўт-ўланларнинг яшил ёғдусини симиришни севарди.
Ҳамид Олимжон ҳам, Зулфия ҳам қисқа вақт бўлса-да, ана шу ҳақиқий бахт ва муҳаббат уммонида сузиб яшадилар. Улкан шоир билан бирга яшаш, унинг бетакрор шеърий санъати сирларини ўрганиш Зулфиянинг шоира сифатида юксак поғонага кўтарилишига сабаб бўлди. 60 — 90-йиллардаги Ҳамид Олимжон ҳатто тасаввур этамаган олмаган тарихий ўзгаришлар, Зулфиянинг шу ўзгаришларда фаол иштирок этиши унинг нафқат шоира, балки йирик жамоат арбоби, кўп миллати адабиётнинг таниқли намояндаларидан бири даражасига кўтарилишига замин ҳозирлади. У ҳаёти ва ижодининг ҳар икки даврида ҳам Ҳамид Олимжонга бўлган бепоён муҳаббатига, унинг шеърияти анъаналарига содиқ қолди. Ҳамид Олимжонга бўлган муҳаббат унинг шеъриятига қўр бағишлади. Биз бу шеърларни ўқир эканмиз, Зулфиянинг Ҳамид Олимжон қўлидан тушган қалам билан ўзи учун ҳам, марҳум шоир учун ҳам ижод қилганига амин бўламиз.